Бағдод туманида боғдорчилик фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари иштирокида тўқсонбости экинларини экиш ва кооперациялар ташкил этиш юзасидан семинар ўтказилди.
Тадбирда туман ҳокими Ғанижон Солиев, ҳоким ўринбосарлари ҳамда қишлоқ хўжалигига дахлдор масъуллар иштирок этиб, амалий тавсия ва маслаҳатлар беришди.
Семинарда 2025 йил ҳосили учун август–сентябрь ойларида пиёз, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулидаги сабзавот экинларини жами 579 гектар майдонда — боғ оралари ва деҳқон хўжаликлари ерларида — экиш зарурлиги таъкидланди.
Маҳаллалар ер ҳолатидан келиб чиқиб, “бир контур – бир маҳсулот” тамойилини жорий этиш, кооперациялар ташкил этиш ва экспортёрларни жалб қилиш аҳолининг етиштирган маҳсулотларини бозорга чиқаришда муҳим омил экани қайд этилди.