Мухташам Маданият саройиташкил этилган тадбирда туман ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, ташкилот ва муассасалар мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб Давлат мадҳияси янгради. Шундан сўнг Бағдод тумани ҳокими Ғанижон Солиев байрам муносабати билан тантанали табрик сўзини ўқиб эшиттирди. У ўз табригида Конституциямизнинг тарихий ва маънавий аҳамияти, унинг юртимиз тараққиётидаги ўрни ҳақида тўхталиб шундай деди:
— Ҳеч шубҳасиз, орадан йилилар, асрлар ўтади, лекин халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз янги-янги авлодлар учун ҳам ҳаёт қомуси, даврнинг ўзи ўртага қўядиган долзарб муаммоларни ечиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Шундан сўнг туман прокурори Акмалжон Мухтаров ҳам нутқ сўзлаб, юртдошларимизни байрам билан самимий табриклади:
— Ҳуқуқ ва эркинликларимизнинг асосий кафолати бўлган Асосий Қонунимиз қабул қилинган кун Ватанимиз аҳли учун юксак қадр-қимматга эга сана ҳисобланади. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни бу муборак айём билан яна бир бор чин дилдан табриклайман. Оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, турмуш тарзингизга фаровонлик ва барака ҳамиша ҳамроҳ бўлсин. Осмонмизнинг мусаффолиги, юртимиз тинчлиги ва мустақиллигининг барқарор бўлиши барчамиз учун эзгу ниятдир., — деди прокурор.
Тадбирнинг бадиий қисми ҳам юқори даражада ташкил этилди. Туман Маданият уйи ижодкорлари томонидан Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар ижро этилди, жажжи болажонларнинг шод-ших рақси томошабинларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, “Мангуберди издошлари” номли нодавлат таълим муассасаси ўқувчиларининг ҳарбий чиқишлари, қурол-аслаҳалар кўргазмаси иштирокчиларда юртпарварлик ҳиссини янада оширди.
Тадбир давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Тўлқинжон Ҳайдаров, Яҳёбек Мўминовларнинг бой ижодий репертуаридан ўрин олган машҳур қўшиқлари байрам тадбирига ўзгача файз киритди. Улар томонидан куйланган дилбар тароналар иштирокчилар кайфиятини кўтарди, қўшиқлари қатшчиларни рақсга чорлади.
Туман ахборот кутубхона маркази ходимлари ўз китоб кўргазмалари билан иштирок этдилар. Ушбу байрамона тадбир нафақат тумандошларимиз учун қувончли лаҳзалар улашди, балки Конституциямизга бўлган ҳурмат ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлади.