2026 йил 3 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган Фармон мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда самарали йўлга қўйишга қаратилган.
Бу фармоннинг мақсади:
никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг (эрта никоҳ) олдини олишга эришиш, ота-оналарнинг ўз вояга етмаган фарзандлари учун масъулиятини янада ошириш;
молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш;
аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш орқали уларнинг сонини кескин қисқартириш, шунингдек, бундай ҳолатга учраган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш;
оила ва хотин-қизлар масканларида никоҳланувчиларни «маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш» махсус курсларида бепул ўқитиш билан қамраб олиш даражасини 2026 йилда 50 фоизга, 2027 йилда 60 фоизга ва 2030 йилда 100 фоизга етказиш ҳамда ушбу курслар сифати ва таъсирчанлигини тубдан оширишдан иборатдир.
2027 йилдан бошлаб ҳар иккала тараф камида 21 ёшга тўлганда биринчи маротаба никоҳ тузган ёш оилалар учун давлат томонидан қўшимча имтиёз ва бошқа шаклдаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиши, ушбу оилалар Ижтимоий реестрга киритилган тақдирда, оилалар аъзоларига уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, даромадларини ошириш ёки мураккаб вазиятдан чиқариш учун тақдим этиладиган молиявий кўмаклар (субсидия, ссуда, грантлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорлардан 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилиши, никоҳ шартномасини тузган никоҳланувчиларни никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этиш тартиби йўлга қўйилди.
Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар латентлигининг олдини олиш, қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бундай ҳолатга тушиб қолган вояга етмаган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича идоралараро занжирни яратиш мақсадида эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида ички ишлар органлари ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериш мажбурияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳамда ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакиллари зиммасига юклатилди, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакилларининг эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар ҳамда бошқа қонунбузилишлар тўғрисида ички ишлар органлари ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига хабар бермаслиги уларнинг маъмурий жавобгарликка тортилишига асос бўлади.
Ички ишлар вазирлиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигининг жиноят ва ҳодисаларни рўйхатга олиш бўйича электрон тизимида эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида хабар бериш имконини берувчи «Oʻsmir-signal» модулини ишлаб чиқиши лозимлиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, диний идора ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг ахборот тизимлари, шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимини Ички ишлар вазирлигининг жиноят ва ҳодисаларни рўйхатга олиш бўйича электрон тизимига «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилиши, ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан хабар бериш мажбурияти юклатилган ташкилотлар билан келишган ҳолда ҳар ярим йиллик якунига кўра мазкур масала бўйича идоралараро қўшма умумлаштиришни ўтказиб, уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш амалиёти жорий этилди.
Ахунбаев Шерзодбек
Фуқаролик ишлари бўйича
Риштон туманлараро судининг раиси