Куни кеча Бағдод туман ихтисослаштирилган мактаби ҳамда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимида “Ёш академиклар” клуби фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ўқувчи-ёшларни илмий тадқиқотларга кенг жалб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори, академик, сенатор, давлат ва жамоат арбоби Азамат Зиё иштирокида учрашувлар ташкил этилди.
Академик Азамат Зиё жадидчилик ҳаракати, мустақилликка эришиш йўлидаги қийинчиликлар ва юртимизда илм-фаннинг тутган ўрни ҳақида нутқ сўзлади. Шунингдек, фанлараро интеграция орқали янги илмий тадқиқотларни ташкил этиш борасидаги фикр ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
Академик юртимизда илм-фанга бўлган муносабат, олимларга яратилаётган шароитлар, ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихини ўрганишнинг долзарб масалалари ҳамда эришилаётган ютуқлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.